ВАТАН ИЧРА МУҚАДДАС МАКОН

Ҳаммамизга аён бўлиши табиийки, оила соғлом

экан –жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан–

мамлакат барқарордир. 

И.Каримов.

Маълумки, жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оилалар қанчалик тинч ва тотув бўлса, шундагина давлат тинч ва барқарор равнақ топиши мумкин. Шу жиҳатдан, оила қўрғонининг мустаҳкамлиги ва унда маънавий жиҳатларнинг шаклланиши ҳамда амалга оширилиши муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин оила деб аталмиш муқаддас маконда фарзандлар камолга етади, улғаяди.

Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир.Чунки  инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оилада шаклланади. Боланинг ҳарактерини, табиати ва  дунёқарашини белгилайдиган маънавий мезон ва қарашлар  –  яхшилик  ва  эзгулик,  олижаноблик  ва  меҳр-оқибат, ор-номус ва андиша каби муқаддас  тушунчаларнинг пойдевори  оила шароитида  қарор топиши табиийдир.Шунинг учун ҳам айнан оила муҳитида пайдо бўладиган ота-онага ҳурмат, уларнинг олдидаги умрбод қарздорлик бурчини чуқур англаш ҳар қайси инсонга хос бўлган одамийлик фазилатлари ва оилавий муносабатларнинг негизини, оиланинг маънавий оламини ташкил этади.

Ислом манбаларида келтирилган кўрсатмаларда ҳам оиладаги муносабатларда, маънавий баркамол инсонларни тарбиялашда эр-хотиннинг тинчлик асосида, ўзаро иттифоқда яшашлари муҳим эканига урғу берилади. Ҳар қандай жамият ривожи, турмуш ободлиги унда яшаётган оилаларнинг мустаҳкамлигига боғлиқ. Ислом манбаларидаги оилавий муносабатларга тегишли кўрсатмаларди ҳам энг асосийси, оилавий ҳаётда  тинч-тотувлик, инсонийлик, поклик, тартиб, одоб ва эр-хотин бир-бирларининг ҳуқуқларини паймол қилмаслигига эътибор бериб ҳаёт кечиришга ундалади.

Абдурауф Фитрат “оила” асарида “Агар бир мамлакат аҳолиси ахлоқсизлик ва жоҳиллик билан оилавий муносабатларни заифлаштириб юборса ва интизомсизликка йўл қўйса, шунда бу миллатнинг саодати ва ҳаёти шубҳа остида қолади”, деб ёзади.

Шундай экан, жамиятда юзага келаётган оилалар қанчалик мустаҳкам қурилмоқда, пойдеворичи? Дарҳақиқат, оиланинг барпо этилишида кимлар ёки нималар муҳим роль ўйнайди, ташқи таъсирларчи? Мавжуд оилалар ва янги барпо этилаётган кичик бир оила ўз мавқеини қанчалик асрамоқда? Оила – муқаддас қўрғон, оила – маънавий камолот маскани ва бошқа бир қанча сўз ва иборалар билан оиланинг мавқеини белгилаймиз. Албатта, жамиятда намунали оилалар талайгина. Намунали оила деганда, оилавий муносабатлар маънавий мезонлар асосида қурилган, яхши ва ахлоқли фарзандлар тарбиялаган, нурли, пиру бадавлат отахон ва онахоналар кўз олдимизга келади. Уларнинг борлиги бошқалар учун ибрат мактабидир. Аммо, афсус, бизни ўйлантирган масала бу – оила қўрғонининг бузилишига салбий таъсир кўрсатаётган бир қанча ташқи ва ички омиллардир. Ташқи омил сифатида ғарбона яшаш тарзининг ўзлаштирилиши бўлса, ички омил сифатида эса, ёшларнинг оилага маънавий жиҳатдан етарли тайёргарликка эга бўлмаслик масаласидир.

Маънавий таҳдид сифатида баҳоланаётган оммавий тахдидлари маданият, яшаш, муомала, ҳаёт тарзи ва ҳоказолар бизнинг муқаддас қўрғонимизга салбий таъсир кўрсатмоқда. Оддий ҳол сифатида қабул қилаётганимиз турли фильмлар, сериаллар, клиплар аслида шовқинли, жангари, тошбағир бир ҳаёт тарзини бизга инъом этмаётганмикин. бизнинг фарзандларимиз тарбиясига, оилавий муҳитнинг носоғлом бўлишига олиб келмасмикин. Кўп ҳолларда, бизнинг менталитетимизга, яшаш тарзимизга тўғри келадими, йўқми, буни ўйлаб кўришимиз керак. Натижада баъзи оилалар арзимас муаммо олдида дош беролмай, энгил элпи, ҳавойи бир нафс қурбонига айланишмоқда. Улар таклиф этаётган худбинлик, тошбағирлик, эгоизм каби иллатларни аксарият инсонлар яшашнинг мазмуни сифатида олмоқда. Ёнғин чиқса, ҳўлу қуруқ баробар ёнади деганларидек, оила бузилса, ёинки фарзанд ахлоқсиз чиқса, биргина инсон эмас, атрофдаги инсонлар, борингки, бутун жамият ҳаётига, унинг фаровонлигига, тинчлигига раҳна солинган бўлади. Шундай экан, оила қўрғонини асраш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш учун нималарга эътибор бериш лозим. Бизнингча, ҳамма нарсанинг асоси маънавий этукликка бориб тақалади. Ахлоқимизга ташқи жиҳатлар салбий таъсир кўрсатаётган экан, улардан ҳимояланишнинг ягона йўли ҳам маънавий этукликдир. Маънан этук инсон атрофдаги ҳар бир нарсага бефарқ қарай олмайди.

Оила мустаҳкамлигини таъминлашда тажрибали, кўпни кўрган отахон ва онахонлар ўгити, пурмаъно насиҳатлари, уларнинг ибратли ҳаёт тарзи ҳам муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан олганда, жамиятда юзага келаётган янги оилаларга улар турмуши ибрат бўлса, тажрибасидан ўрганишса, ўйлаймизки, оила янада мустаҳкам ва вояга этаётган фарзандлар тарбияли бўлади. Бинобарин, оила қўрғони маънавий етуклик ва бой тажриба асосида янада мустаҳкамланиб борилади.

Қозоқов М.

Янгиариқ туман Ҳожи бобо масжиди имом- хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *