РИЗҚ АЛЛОҲ ТОМОНИДАН КАФОЛАТЛАНГАНДИР

Ер юзидаги ҳар бир ўрмаловчи – ҳаракатланувчи жонзот борки, уни ризқлантириш фақат Аллоҳгагина хосдир. Ояти каримада шундай дейилади: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса!” ( (Ҳуд, 6).
Оятдаги “ўрмалаган нарса” ибораси фақат тўрт оёқли жониворларни эмас, балки барча жонли мавжудот, хусусан, инсонларни ҳам ифода этади.
Оят матнидаги “Аллоҳнинг зиммасида” деган жумлани “Аллоҳнинг зиммасидаги мажбурият” шаклида тушунмаслик керак. Зеро, Аллоҳ ҳеч нарсага мажбур эмас, хоҳлаган ишини қилувчи Зотдир. Бу ҳақда муфассир уламолардан Мужоҳид айтадилар: “Келадиган ҳар бир ризқ Аллоҳдан. Бу Унинг мажбурияти туфайли эмас, балки марҳамати сабабидандир”.
Шу ўринда ризқнинг ўзи нима, деган масалага ҳам ойдинлик киритиб олиш керак бўлади. Ақида уламолари талқинига кўра, ризқ барча жонли яралмишларга еб-ичишлари ва фойдаланишлари учун Аллоҳ томонидан ато этилган нарсалардир. Бу таърифга мувофиқ, ризқ ейиладиган, ичиладиган нарсалар ҳамда инсонларни иссиқ-совуқдан муҳофаза қилувчи кийим-кечак ва бошпана кабиларни ҳам ўз ичига олади. Холиқ Парвардигор бир бандасининг яшашини ирода этса, бутун олам тўсқинлик қилса ҳам унга ризқини маълум йўллар орқали етказиб бераверади. Агар бир бандасининг ҳаётига якун бермоқчи бўлса, унинг ризқини узиб қўядики, Ўзидан ўзга ҳеч ким бу бандага ҳеч бир йўл орқали бирор луқма таом едира олмайди.
Ҳаким Термизийнинг “Наводир ул-усул” асарида зикр қилинган воқеа ҳақиқатан ҳайратланарлидир. Ичларида Абу Мусо, Абу Молик ва Абу Омир кабилар бўлган Ашъарийлар карвони Мадинага ҳижрат қилишди. Манзилга очликдан ҳоллари қуриб, бир аҳволда етиб келдилар. Ораларидан бир кишини Расулуллоҳ (с.а.в.) дан егулик сўраб келишга юборишди. Жўнатилган одам эшиклари олдига келганда ичкаридан Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса(жонзот) йўқки,унинг ризқи(таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам,оромгоҳини ҳам билур…” оятини тиловат қилаётганларини эшитди. Ўзига ўзи: “Аллоҳга Ашъарийлардан ҳам кўра ризқлантириш осонроқ бирор жонзот йўқ”, дея, Расулуллоҳ (с.а.в.)га учрамай қайтиб кетди. Бориб: “Хушхабар, сизларга ёрдам келмоқда!” – деганида, шериклари бу гапни Расулуллоҳ (с.а.в.) кўмак ваъда қилибдилар, дея тушунишди. Шу пайт уларнинг олдига нон ва гўшт тўла идиш кўтариб олган икки киши келди. Ашъарийлар ундан тўйгунларича егач, таомдан ортиб қолганини Расулуллоҳ (с.а.в.)га қайтарайлик, у зот буни бошқа муҳтожларга берсинлар, деб келишишди. Сўнг барчалари Пайғамбаримиз (а.с.)нинг олдиларига бориб, таом учун миннатдорчилик билдиришди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мен сизларга ҳеч қандай егулик юборганим йўқ”, дедилар. Бир шерикларини ул зотнинг ҳузурларига юборганларини айтишганида, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўша одамдан нима гаплигини сўрадилар. У нима қилгани ва шерикларига нима деганини айтганида у зот (с.а.в.): “Мана шу Аллоҳнинг сизларни ризқлантирганидир”, дея марҳамат қилдилар.
Улуғ олим Абу Усайддан: “Қаердан (ризқ топиб) ейсиз?” – деб сўрашганида, “Субҳаналлоҳ, Аллоҳ буюкдир. У зот бир итга ризқ беради-ю, Абу Усайдни оч қолдирармиди?” – деб жавоб берган эканлар. Худди шу саволни Аллоҳнинг дўстларидан бири Хотами Асаммдан ҳам сўрадилар. “Аллоҳнинг ҳузуридан”, деган жавоб бўлди. Шунда: “Аллоҳ сизга осмондан динор ва дирҳамлар ёғдирадими?” – дея истеҳзо қилган кишига у зот дедилар: “Фақат осмон Аллоҳникими? Осмон ҳам, ер ҳам Уникидир. У зот осмондан ризқлантирмаса ҳам, ердан мен учун ризқ ундириб қўяди”.
Ризқни фақат Аллоҳдан деб билиш лозим. Ҳар ким ўзи учун тақдир қилинганини ейди, ҳеч ким бошқанинг ризқини ея олмайди. Шунингдек, ҳеч банда ўз ризқини еб бўлмай туриб ўлмайди ҳам. Бу унчалик ташвишланарли масала бўлмагани сабабли ҳам киши ризқ учун эмас, Аллоҳ учун меҳнат қилиши керак бўлади.
Аллоҳнинг илмида ҳар бир инсоннинг умри давомида ейдиган ризқи маълум. Бир одам тоғчалик мол-дунё ва озиқ йиғса-да, ҳаёти мобайнида ундан ейдиган ва меъдасига тушадиган миқдори ўлчовлидир. Топган ҳамма нарсасини еб битиришга имкони етмайди. Бинобарин, эҳтиёжидан ортиғини муҳтожларга тарқатиб, охират учун заҳира тайёрлаш чиройли амаллар сирасига киради.
Ризқни қўлга киритишда меҳнатнинг ҳам ўрни бор. Зеро, инсон учун меҳнат қилиб топган нарсасидан ризқ бордир.
Ҳаром ҳам ризқ. Зотан, покиза таом ҳаром йўл билан топилса ҳаром ризққа айланади. Бу тур ризқлар ҳам яратилиш жиҳатидан Аллоҳга, қўлга киритилиш жиҳатидан бандаларга нисбат берилади. Ҳаром ризқ топишда Аллоҳнинг розилиги йўқ. Шунинг учун мўминлар ҳаром луқмадан доимо ҳазар қилиб келганлар.
Тонгда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб дуо қилар эдилар: “Аллоҳим сендан фойдали илм, ҳалол ризқ ва қабул бўладиган амал сўрайман”. Мавзумизнинг ниҳоясида шуни айта оламизки; Аллоҳга бўлган тоатларнинг барчаси ризқнинг зиёда бўлиш ва ундаги бараканинг сабабларидандир. Аллоҳдан бизни фойдали илм, ҳалол ризқ ва қабул бўладиган амал билан ризқлантиришини сўраб қолгаймиз. Амийн!

Х.Матяқубов
Хонқа туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *