Динлараро бағрикенглик ғояси – хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Қадим-қадимдан дин аксарият маънавий қадриятларни ўзида мужассам этиб келади. Миллий қадриятларнинг асрлар оша безавол яшаб келаётгани ҳам диннинг ана шу табиати билан боғлиқ. Чунки, муқаддас ислом динимиз эзгулик ғояларига асосланади, яхшилик, тинчлик, дўстлик каби фазилатларга таянади. Одамларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-шафқат ва бағрикенгликка даъват этади.
Лекин бугун дунёнинг турли бурчакларида динга турлича ёндашишлар учраб турибди. Воқелик шуки, бугунги кунда ислом динининг нуфузи Европа мамлакатларида ҳам ортиб бормоқда ва натижада турли нохушликлар содир бўлмоқда. Демак, динлараро бағрикенглик ғоясини бутун дунёда тарғиб этиш инсоният олдида турган долзарб вазифалардан биридир.
Шу муносабат билан ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Тошкент ислом университетида диний бағрикенглик тамойилларига асосланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади. Анжуманда юртимиздаги турли миллат, элат ва дин вакиллари ўртасида тотувликни, дўстликни янада мустаҳкамлашда бағрикенглик тамойилларига алоҳида эътибор берилади. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли диний таълим муассасалари қатори Урганч шаҳар Имом Фахриддин ар Розий ислом ўрта-махсус билим юртида ҳам «Диний бағрикенглик ва динлараро муносабатлар уйғунлиги» мавзуида давра суҳбатлари ташкил этилди.
Кўп асрлик тарихга эга миллий давлатчилигимиз кечмишига назар ташласак, мамлакатимизда диний бағрикенглик илдизлари жуда теран эканига ишонч ҳосил қиламиз. Лекин диний бағрикенглик ўзи риоя қилиб келган эътиқодга бепарво муносабатда бўлиш, уни ҳимоя қила билмаслик дегани эмас. Балки асрлар давомида аждодлари риоя қилган анъанавий муносабатларни давом эттириш, диний қарашларга у ёки бу томонга оғишмай амал қилиш демакдир.
Бизким, ўзбекларнинг ислом динини равнақ топтириш, уни мустаҳкамлашдек шарафли ишга қўшган ҳиссамиз ҳеч бир халқникидан кам бўлмаса керак. Динни мустаҳкамлаш учун, аввало, шу динни юракдан қабул қилиш, чин ихлос билан унга эътиқод қилиш ва кучли эътимод қўйиш керак бўлади. Ўзбеклар азалдан шундай ва ҳамон шундай. Чунки субутлилик, аҳдга вафодорлик ва муқимлик халқимизнинг туғма фазилатларидан ҳисобланади.
Дарвоқе, шундай фазилатлар ислом таълимотида ҳам улуғланади ва тарғиб этилади. Ислом ақидалари халқимиз урф-одатларига монанд келгани учун мусулмончилик турмуш тарзимизга чуқур сингиб кетган. Бинобарин, ўзбекларда инсоний бағрикенглик билан динлараро бағрикенглик табиатан ва моҳиятан ўзаро уйғундир.
Аждодларимизнинг яна бир улкан хизматлари шуки, ислом дини гарчи Арабистонда вужудга келган бўлса-да, унинг таълимотлари Мовароуннаҳрда равнақ топди, такомилга эришди. Буни қарангки, амир Қутайба аскарларига қаттиқ қаршилик кўрсатган Хоразм, Термиз, Бухоро, Самарқанд, Фарғона каби Туркистон ҳудудлари кейинчалик ислом динининг йирик марказлари бўлиб қолди. Мусулмон дунёсига буюк хоразмийлар, бухорийлар, термизийлар, фарғонийлар, самарқандийлар, косонийлар, шошийларни етиштириб берди.
Туркистон тупроғидан буюк муҳаддислар сингари улуғ ҳуқуқшунослар ҳам етишиб чиқди. Уларнинг номларини тилга олиш учун бир рўйхат тузилса, бунинг ўзи бир неча саҳифа жойни эгаллайди. Бу Ватанимиз қадимдан маънавият маркази бўлганига ёрқин бир далилдир. Ҳозирча улардан фақат бир муаллиф – Бурҳониддин Марғинонийнинг 4 жилд, 57 китобдан иборат «Ҳидоя» асарининг биринчи жилди чоп этилганини айтиб ўтишнинг ўзи кифоядир. Миллий ҳуқуқшунослик фанининг ана шундай мустаҳкам илдизларга эга экани ўзбек миллий давлатчилиги қонунга амал қилиб фаолият кўрсатганини ва бу фаннинг ривожига давлат миқёсида эътибор қаратилганини ифодалайди.
Биз шундай бағри очиқ бир халқмизки, аввало ирқу миллат ажратмаймиз. Тазйиқ ўтказишни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз, қўлимиздан келганча ёрдам беришга интиламиз. Бошқа халқ ва элат вакилларини ҳам тўйларимизга айтамиз, ёлғизлатиб қўймаймиз. Юртдошнинг юртдошга, қўшнининг қўшнига ҳаққи бор деймиз. Бундай муносабат Ўзбекистондек кўп миллатли мамлакатимизда халқлар бир оила аъзоларидек аҳил яшашларида, ягона ватан ва ватанпарварлик туйғусининг шаклланиб, камол топишида катта аҳамиятга эгадир. Рисоладаги тўйларимиз, оилавий маросимларимиз, маъракаларимиз халқлар ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашда, динлараро бағрикенгликни кучайтиришда муҳим ва халқчил омиллардан бири бўлиб келмоқда.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон турли миллат ва диний эътиқодга мансуб одамлар юз йиллар мобайнида бир оила каби иноқ яшаб келаётган, дини, ирқи ва миллатидан қатъи назар, инсон шарафланадиган бағрикенг мамлакатдир. Ўзбекистонда турли диний конфессияларнинг мавжудлиги ҳам шу билан изоҳланадики, халқимизнинг бутун тарихи давомида ҳеч қандай диний низо, одамларни миллати ва диний мансублигига қараб айириш ҳоллари бўлмаган ва бунга халқнинг ўзи ҳеч қачон йўл қўймаган. Тақдир тақозоси билан юртимизни ихтиёрий равишда тарк этган ўзга миллатга мансуб кишиларнинг Ўзбекистонни, халқимизни қўмсашларининг боиси ҳам ана шундадир.
Турли диний эътиқод, конфессияларга мансуб кишиларнинг тинч-тотув яшашидан иборат бизнинг тажрибамизни миллатлараро, диний ва этник асосдаги турли-туман ички ва минтақавий можароларни бартараф этишда муваффақият билан қўллаш мумкин. Бу ҳолат глобал аҳамиятга молик бўлиб, дунё ҳамжамияти томонидан эътиборга олинса арзийди.
М.Авезов
Урганч тумани Шайидлар бобо масжиди имом-хатиби